Сешанба куни Европада ЖЧ-2022 саралаши циклининг октябрь ойидаги ўйинлари якунланди. Германия ортидан Дания ҳам Қатарда бўлиб ўтадиган мундиал йўлланмасини нақд қилди.
Фантастик Дания ва иродали Шотландия

Группа F
Дания — Австрия — 1:0 (Меҳле, 53).
Фарер ороллари — Шотландия — 0:1 (Дайкс, 86)
Исроил — Молдавия — 2:1 (Заҳави, 28. Даббур, 49 — Ноколаэску, 90+4).
Данияга 7 ғалабадан иборат серияси ва тўплар нисбати бўйича фантастик кўрсаткичидан кейин ЖЧ-2022да мезбонлар Қатар ва бир кун олдин йўлланмага эга бўлган Германиядан кейин учинчи иштирокчи бўлиш учун бу турда дуранг ўйнаш ҳам кифоя қиларди. Австрияликлар қўлдан келганча бардош беришди, дарвозабон Бахманн бир неча марта мўъжиза кўрсатди, аммо уни барибир Меҳле доғда қолдиришга эришди. Европа чемпионати кашфиётларидан бирига айланган «Аталанта» ҳимоячиси дарвозанинг узоқ бурчагини нишонга олаётгандек ҳаракат қилди ва дарвозабон ўша томонга отилганида тўпни яқин бурчакка юмалатиб юборди.
Энди фақат бир интрига қолди - Дания саралаш циклининг охирига қадар гол ўтказмасликда давом этадими? Айни вақтда Каспер Юльманн жамоаси 8 ўйинда 27 гол урган ва бирорта гол ўтказиб юбормаган. Бу натижа — Кристиан Эриксен ҳали таркибга қайтмаганида. Данияликлар ҳужум чизиғининг яна икки вакили - Дольберг ва Брэйтуэйт ҳам жароҳатини даволатишда давом этмоқда.
Бу гуруҳда иккинчи ўрин кўп эҳтимол билан Шотландияга насиб этади. Бу жамоа сўнгги ўйинларда ғалаба учун фантастик ирода кўрсатмоқда. Британияликлар қаторасига иккинчи турда сўнгги дақиқаларда ғалабани илиб кетишмоқда, жамоанинг асосий қаҳрамони эса — Дайкс бўлмоқда. Ушбу ҳужумчи қаторасига тўрт ўйинда рақиблар дарвозаларини ишғол этди, бу голлардан учтаси ғалаба голи бўлиб чиқди. Плей-оффга ўтиш учун шотландлар кейинги турда сафарда Молдавияни мағлуб этиши етарли бўлади.
12 ноябрь. Дания — Фарер ороллари, Молдавия — Шотландия, Австрия — Исроил.

Кейн яна гол уролмади, албанлар чидолмади

I гуруҳи
Англия — Венгрия — 1:1 (Стоунс, 35 — Шоллои, 24, пенальти).
Албания — Польша — 0:1 (Свидерски, 77).
Сан-Марино — Андорра — 0:3 (Марк Пуйоль, 10. Серхи Морено, 53. Куку, 89).
Ўтган турда инглизлар 1966 йилдаги рекордларини янгилашган ва йил бошидан буён 12-ўйинда дарвозалари дахлсизлигини сақлаб қолишганди. Бундан ташқари, «Шерлар»нинг мағлубиятсиз серияси 18 ўйинга етган, бунақаси 1990-йиллардан буён кузатилмаганди. Сешанба куни эса жамоа Шоу туфайли ишланган пенальтидан гол ўтказди.
Ушбу ҳимоячи рақибни кўрмай қолди ва унинг бошига оёқ билан зарба бериб юборди. Лекин мудофаанинг бошқа бир вакили — Стоунс — майдон эгаларига дуранг келтирди, барча Европа вице-чемпионлари ғалабага эришиб, ЖЧ йўлланмасини шу куниёқ ҳал қилишини кутганди, аммо бу ўйинда асосий ҳужумчи Кейн гол ура олмади ва саралаш циклида 2017 йилда бошланган ва 15 ўйин давом этган голли сериясини тўхтатди. Лекин Англияда тақвим шундайки, Қатарга йўлланма — вақт масаласи.
Бу оқшомда барчанинг эътибори ушбу гуруҳнинг бошқа вакиллари - Албания ва Польша ўртасидаги ҳал қилувчи учрашувга қаратилди. Аввалига гап фақат турнирдаги вазият ҳақида эди, аммо вазиятга мухлислар аралашди. Свидерски тўпни тўхтатмай берган зарбаси билан ҳисобни очгач, бу голни нишонлаш вақтида полякларга трибунадан бутилкалар ёғдиришди. Француз арбитри Клеман Тюрпен жамоаларни кийим алмаштириш хонасига олиб кетди ва ўйин давом эттирилиши ҳам сўроқ остида қолди. Агар ўйин давом эттирилмаса, албанларга техник мағлубият ёзиларди. Қарийб 20 дақиқадан кейин ўйин давом эттирилди, аммо бу танаффус албаниялик футболчиларнинг кайфиятига таъсир қилиб улгурганди. Польша ғалабани сақлаб қолди ва Албанияни қувиб ўтиб, иккинчи ўринга кўтарилди. Кейинги турларда Албания Англияга сафар қилади ва Андоррани меҳмон қилади (агар УЕФА жарима солиш билан чекланмаса, ўйин бетараф майдонда ўтиши ҳам ҳеч гап эмас), Польша эса сўнгги икки ўйинни Андорра ва Венгрияга қарши ўтказади. Шундай экан, гуруҳдаги биринчи ва иккинчи ўрин эгалари сўнгги тур олдидан аниқ бўлиб улгуриши эҳтимоли юқори.
Гуруҳдаги учинчи учрашув футбол карликлари ўртасида кечди ва унда шу вақтгача бирор марта бир ўйинда уч гол урмаган Андорра ўз тарихидаги илк ғалабани нишонлади.

12 ноябрь. Англия — Албания, Андорра — Польша, Венгрия — Сан-Марино.
Роналду 3 гол урди, кўпроқ пенальтидан, Сербия ҳозирча биринчи

А гуруҳи
Португалия — Люксембург — 5:0 (Криштиану Роналду, 8, пенальти, 13, пенальти, 87. Бруну Фернандеш, 17. Жоау Палинья, 59).
Сербия — Озарбойжон — 3:1 (Влаҳович, 30, пенальти, 52. Тадич, 83, пенальти — Маҳмудов, 45).
Криштиану Роналду, кутилганидек, голлар урди, энди Люксембург португалиялик юлдузнинг севимли жамоасига айланди. Бунга қадар Криш энг кўп гол урган жамоалар Швеция ва Литва эди (7тадан), Люксембург эса энди ундан 9 гол ўтказган жамоага айланди. Роналду иккинчи бор 11 метрлик нуқтадан гол урганида ўзининг жисмоний ҳолатини яна бир бор намойиш этди.
Аммо у хато зарба берганида ҳам Португалияда бу ўйинда муаммо бўлмасди. Руй Патрисиу терма жамоа учун 100-ўйинида зерикиб қолди. Лекин трибуналарда ҳеч ким зерикмаётганди. Мухлислар беш голга, жумладан Роналдунинг ҳет-тригига гувоҳ бўлишди — фаолиятида 58-, терма жамоада ўнинчиси. Сўнггиси — жаҳон рекорди, аммо португалиялик ҳали тўхтамоқчи эмас. Саралашдаги голлари сони бўйича (36) у эронлик Али Дайига етиб олди. Бу борадаги энг яхши натижага эга гватемалалик Карлос Руисни қувиб етиш учун яна уч гол етарли.
Белградда ҳам барчаси пенальтидан бошланди, уни Влаҳович ишлади ва ўзи аниқ ижро этди. «Фиорентина» ҳужумчиси терма жамоанинг қаторасига учинчи ўйинида гол урди ва афтидан у терма жамоанинг асосий ҳужумчиси ролини Митровичдан олиб қўйди. Аммо, Португалиядан фарқли равишда болқонликлар биринчи голга кейингиларини улай олишмади ва танаффус арафасида Маҳмудовдан гол ўтказиб юборишди.
Бу вазиятда серблар дарвозабони Райкович рақибни алдаб ўтишга ҳаракат қилди ва кулгили ҳолатда гл ўтказиб юборди. Унинг бахтига иккинчи бўлимда Влаҳович яна гол уриб кеча қаҳрамонига айланди, Сербия эса гуруҳ етакчиси бўлиб олди. Аммо Португалияда захира ўйини бор ва сўнгги турда улар асосий рақобатчисини Лиссабонда қабул қилишади.

11 ноябрь. Ирландия — Португалия, Озарбойжон — Люксембург.
Якин Манчинига етиб олди
С гуруҳи
Литва — Швейцария — 0:4 (Эмболо, 31, 45. Штеффен, 42. Гавранович, 90+4).
Болгария — Шимолий Ирландия — 2:1 (Неделев, 53, 63 — Вашингтон, 35).
Бир неча кун муқаддам литваликлар бу циклдаги илк ғалабасини нишонлаб, ўз мухлислари учун байрам уюштиришганди. Аммо инқироз давридаги болгарларга қарши ўйнаш бошқа иш, мустаҳкам Швейцария билан ўйнаш бошқа. Болтиқбўйи жамоаси Эмболонинг бурчак зарбасидан кейин урилган биринчи голига қадар чидашди, шундан кейин меҳмонлар ишонч билан ҳаракат қилиб, йирик ғалабага эришди.
Мурат Якин жамоаси очколари сонини Италияники билан тенглаштириб олди, энди Қатар учун тўғридан тўғри йўлланма соҳиби 12 ноябрь куни шу икки терма жамоа ўртасида аниқланади. Якин — Швейцария термасидаги фаолиятини қаторасига тўрт қуруқ ўйин билан бошлаган илк мутахассис бўлди.

12 ноябрь. Италия — Швейцария, Шимолий Ирландия — Литва.
Шведлар Испанияга қарши жангга тайёрланмоқда

В гуруҳи
Швеция — Греция — 2:0 (Форсберг, 59, пенальти. Исак, 69).
Косово — Грузия — 1:2 (Муричи, 45, пенальти — Окриашвили, 11. Давиташвили, 82).
Биринчи бўлим шундай таассурот уйғотдики, греклар Фермопилда жанг қилаётган спарталикларга айланишди. Тўғри, шоҳ Леониднинг жангчилари душманнинг ҳужумини тўхтатиб туриши талаб этилган, бу ерда эса эллинлар меҳмон мақомида эканига қарамай олға интилишди. Биринчи бўлим давомида Швеция иложсиз ҳолатда кўринди, аммо бу кеча омад уларнинг томонида бўлди. Масураснинг голи офсайд туфайли бекор қилинди, кейин унинг зарбаси дарвоза устунига тегди, Павлидиснинг «иккинчи қаватдан» ҳужумини дарвоза тўсини қайтарди.
Танаффус скандинавларга ўзларига келиб олиш учун имкон берди, иккинчи бўлимда ўйин характери ўзгарди ва Мавропаноснинг Исакка ишлатган фоли меҳмонлар учун ҳал қилувчи бурилишга айланди. 11 метрлик нуқтага яқинлашган Форсберг адашмади. Ўйинни назорат қилишга ўтган Ян Андерссон жамоаси рақиб дарвозасига иккинчи голни ҳам урди, Исакнинг голига тўпни рақиб жарима майдонига етказиб берган дарвозабон Ульсен ассистентлик қилди. Бу ғалабадан сўнг Швеция гуруҳда Испанияни қувиб ўтди ва гуруҳ етакчисига айланди. Сўнгги турда икки фаворит Севильяда ўзаро ўйин ўтказади, энди «Қизил фурия»нинг хато қилишга ҳаққи йўқ.
Шу куни Приштинада ўтган гуруҳдаги иккинчи учрашувда ҳеч нарса ҳал қилинмади, аммо бу ўйинда ҳам ёдда қоладиган воқеалар содир бўлди. Грузия йилдаги илк ғалабасига эришди, ғалаба голига Туланинг «Арсенал» клуби аъзоси Давиташвили муаллифлик қилди.

11 ноябрь. Грузия — Швеция, Греция — Испания.
Пукки Литманендан ўзиб кетди
Е гуруҳи
Қозоғистон — Финландия — 0:2 (Пукки, 46, 47).
Украина — Босния — 1:1 (Ярмоленко, 15 — Аҳмадҳожич, 77).
Финландия иккинчи ўрин учун даъвогарлар қаторида қолди, яна жамоанинг асосий юлдузи саъй-ҳаракатлари эвазига. Пукки дубль қайд этиб, терма жамоадаги голлари сонини 33тага етказди ва афсонавий Яри Литманенни ортда қолдирган ҳолда Суоми тарихидаги энг яхши тўпурарга айланиб олди. Энди ундан ноябрдаги ўйинларда ҳам қаҳрамонлик кутишади, Маркку Канерва жамоасидан муҳим ўйинларда хато қилмаслик талаб этилади — Боснияга қарши сафар ва Францияга қарши уй ўйинларида.
Украина эса ўз уйида Боснияни мағлуб этолмади ва плей-офф ўйинларига ўтиш имкониятини кескин пасайтирди.
Евро-2020дан кейин Шевченко ўрнига тайинланган Александр Петраков ҳамон вазифа бажарувчи мақомида. У журналистлар учун очиқ эмас, жамоанинг асосий футболчиларидан бири Руслан Малиновскийни йиғинларга чақирмаяпти ва бу жамоада ички муҳит яхши эмаслигини кўрсатади. Ҳозирги ҳолатида Украина Францияни қувиб ўтиши имконсиз, иккинчи ўрин ҳам бой бериб қўйилиши мумкин.
Сариқ-кўклар гуруҳдаги дастлабки 5 ўйинда дуранг ўйнашганди (гуруҳ етакчиси Франция билан ҳам, гуруҳ аутсайдери Қозоғистон билан ҳам очколар бўлишиб олинган). Гуруҳда беш жамоа борлиги туфайли жами 8 тур ўтказилади, шундай экан жамоадан октябрь ойидаги икки ўйинда 6 очко жамғариш талаб этиларди. Улар бунга яқин келишди - ўтган ҳафтада Петраков шогирдлари Финландия майдонидан ғалаба билан қайтишди, аммо сешанба куни жамоа Боснияни мағлуб этолмади. Хельсинкидаги ўйинда Ярмоленконинг голи натижа келтирганди, бу сафар ҳам барчаси шунга қараб кетаётганди, украинлар етакчиси бу ўйинда ҳам ҳисобни очди, аммо шундан кейиноқ Петраков бутун жамоани ҳимояга қайтарди. Биринчи бўлимда Украина тўпга эгалик қилиш бўйича 60 фоиз устунликка эга эди, 46-дақиқадан бошлаб гол ўтказилгунга қадар бу кўрсаткич 37 фоизни ташкил этди.
Украинларнинг саралашдаги уникал натижаси давом этади - 7 ўйиндан 6тасида дуранг натижа, энди уларда биргина ўйин қолди - сафарда Боснияга қарши. Улар ҳозирча иккинчи, аммо икки асосий рақибда ҳам биттадан захира ўйини мавжуд. Катта эҳтимол билан охирги дуранг улар учун ҳал қилувчиси бўлади ва мухлислар бу жамоани Қатар майдонларида кўришмайди.

13 ноябрь. Франция — Қозоғистон, Босния — Финландия.